ХОТИРАНГИЗ БИР УМР ШОГИРДЛАР ҚАЛБИДА АЗИЗ УСТОЗ!

Тошкент тиббиёт академияси Асаб касалликлари кафедраси доценти

Муҳаррамова Анвара Абдуллаевна

(1919-2009)

А. А. Муҳаррамова Тошкент шахрида 1919 йил 6 апрелда хизматчи оиласида таваллуд топди. 1933 йилда Зебинисо мактабини, 1936 йилда Й. Охунбобоев номидаги тиббиёт техникумини аъло баҳолар билан тугатиб, Тошкент Давлат Тиббиёт институтига ўқишга кирди. 1941 йилда олийгоҳни тугатиб, ўз шифокорлик фаолиятини Тошкент Тиббиёт институтининг асаб касалликлари клиникасида ординаторликдан бошлади. Шу йилнинг декабрь ойида фронтга, яъни Улуғ Ватан урушига  сафарбар қилинди. 1942 йил февралдан бошлаб 1945 йил декабргача 13 Армиянинг 148 дивизиясининг тиббий санитария батальонида жаррох бўлиб хизмат қилиб, жанговар йўлни босиб ўтди. У марказий, 1 ва 4  Украина фронтларида олиб борилган жанговар операцияларининг тиббий таъминотида  фаол иштирок этди. У кун-у тун қўрқув нималигини билмай, яраланган аскарларга тиббий ёрдам кўрсатиб, уларнинг тез шифо топишига ва сафга қайтишига, кўпчилик офицер ва аскарларнинг жонларини асраб қолишда жонбозлик кўрсатди. Унинг бу мехнатлари 23 ёшлик жаррох қизга Олий қўмондонлик томонидан берилган 20 дан ортиқ орден ва медалларда ўз аксини топгандир.

1964-1974 йилларда Тошкент давлат Тиббиёт олийгохи асаб касалликлари кафедрасида доцент лавозимида педагогик, илмий ва даволаш ишлари бўйича ўз маҳоратини кўрсатди.

Улуғ Ватан урушидаги хизматлари учун  Москва шахри мери Ю. Лушко томонидан “Москва ҳимоячиси” кўкрак нишони ва совғаси билан тақдирланган.

2009 йил 16 майда Тошкент Тиббиёт институтида узоқ йиллар мобайнида доцент лавозимида ишлаган, Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, Республика олимлари тан олган таниқли невролог, Улуғ Устоз Анвара Абдуллаевна Муҳаррамова 90 ёшида вафот этди.

А. А.Муҳаррамованинг босиб ўтган намунали хаёт йўли, олийжаноб, жонкуяр матонатли инсонлиги, кўрсатган зўр педагогик махорати, талабчан устозлиги, мохир шифокорлиги, мехнатсеварлиги унинг шогирдлари қалбида бир умр мобайнида қолади ва унутилмайди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.